Россия Давлат Думаси полицияга чет эл фуқароларини Россиядан чиқариб юборишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Ҳозирга қадар мамлакатга бўлиш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этган чет эл ватандошини маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юбориш фақат суд ёки чегара хизмати қарори билан амалга оширилар эди.
Янги қонун лойиҳасида мамлакатдан чиқариб юбориш деб аталадиган режим Россияда яшаш учун рухсатномаси бекор қилинган, лекин ҳали ҳам мамлакатда бўлган хорижликлар учун ҳам қўлланиши таклиф этилади. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб жўнаб кетгунга қадар уларга кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш тақиқланади. Улар машина ҳайдашлари, кредит олишлари, Россия Федерацияси бўйлаб эркин ҳаракатланишлари, турмуш қуришлари, янги банк ҳисобини очишлари ва мавжуд ҳисобларидан ойига 30 минг рублдан ортиқ маблағ сарфлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинадилар.
Бундай муҳожирларга нисбатан алоҳида назорат жорий этилади, улар махсус реестрга киритилади ва доимий равишда полицияга қаерда экани тўғрисида маълумот бериб туриши, жумладан, геолокация белгиси акс этган суратларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жўнатиб туришлари талаб этилади.
Бу ҳақда хабар берган ТАСС агентлигининг аниқлик киритишича, мигрантлар ҳуқуқини чекловчи қонунч ташаббуси муаллифлари орасида Думанинг барча фракциялари вакиллари, жумладан “Ягона Россия” фракцияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Дмитрий Вяткин ва Думанинг МДҲ ишлари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин ҳам бор.
Ҳужжатнинг тушунтириш хатида лойиҳа чет эл ватандошларини депорт қилиш ва маъмурий йўл билан чиқариб юбориш механизмларини бирлаштириш ҳамда, суд ва депортация тартибига оид муддат ва молиявий харажатларни камайтиришни кўзлашга қаратилгани таъкидланган.
Crocus City Hallдаги терактларда тўрт нафар Тожикистон фуқароси айбланганидан кейин Россия ҳукумати Марказий Осиёдан келган муҳожирларга қарши курашни кучайтирган эди.
Шундан кейин керакли ҳужжатлари бўлмаган хорижликлар Россиядан оммавий равишда чиқариб юборилган ва мамлакатга киритмаслик чоралари кўрилган эдм. Ўнлаб вилоятларда эса ҳокимият мигрантларнинг йўловчи ташиш, такси ва бошқа соҳаларда ишлаш ҳуқуқини чеклаб қўйган. Расмий версияга кўра, бундай чоралар «маҳаллий аҳоли ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш учун» амалга оширилган.
Шундан сўнг, Марказий Осиёнинг бир қанча давлатлари расмийлари ўз фуқароларига Россияга кераксиз саёҳат қилишдан сақланишни тавсия қилишган.