Андижонда 16 ёшли йигит ўзини кўп қаватли уй томидан ташлаб юборди

Андижон шаҳрида 16 ёшли йигит кўп қаватли уй томидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса 21 июнь куни соат 03:30 ларда юз берган. Вояга етмаган К.М. ота-онаси вафот этгани сабабли бобосининг қарамоғида яшаб келган.

Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрель охирларида Тошкент шаҳридаги хонадонларнинг бирида эркак спиртли ичимлик таъсирида ўзини ёқиб юборгани тўғрисида хабар берилганди. Март бошларида бўлса Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи 23 ёшли келин адирлик ҳудудида ўзига бензин қуйиб, ёқиб юборган эди.