Маккада жазирама туфайли ҳалок бўлганлар сони мингдан ошди

Ҳаж зиёратида ҳаддан зиёд иссиқ об-ҳаво шароити туфайли қурбонлар сони ошиб бормоқда.

Охирги маълумотларга кўра, Маккада Ҳаж вақтида ҳалок бўлган зиёратчилар сони минг кишидан ошган. Бу ҳақда AFP хабар берди.

Ўлганлар сонининг кўпайишига ҳаво ҳароратининг 50 даражадан ошиб кетгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, минглаб инсонлар Ҳаж зиёратига кирувчи Арофат тоғида турганида қуёш уриши қурбони бўлган. Кўпчилик шифохонага ётқизилган.
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиёратчиларга қуёш таъсири остида қолмасликни, кўп миқдорда сув ичишни ва ҳаво ҳароратининг энг юқори чўққиларида имкон қадар пана жойларда бўлишни тавсия қилган.

Хабарга кўра, ҳалок бўлганлар орасида мисрликлар кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, Тунис, Иордания, Эрон, Сенегал, Индонезия ва бошқа мамлакатлар фуқаролари бор.

Бу йил бутун дунёдан 1 миллион 800 мингдан ортиқ зиёратчи Маккага Ҳаж зиёрати учун борган. Ўтган йили июн ойи охиридаги Ҳаж зиёрати чоғида жазирама ва ташналик туфайли камида 240 киши ҳалок бўлган эди.

Саудия Арабистонидаги ғайритабиий юқори ҳарорат глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқлиги таъкидланмоқда. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Маккада ўртача ҳарорат ҳар ўн йилда мунтазам равишда 0,4 даражага кўтарилиб боряпти.