Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати яна кўтарилиши кутилмоқда

«Ўзгидромет» ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Унга кўра, 24 июнь куни Ўзбекистон бўйича бироз иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати 32-37 даража, шимолда, жанубда 40 даражагача иссиқ бўлади.

Текислик ҳудудларнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим жойларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

25 июндан бошлаб ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошалайди ва иш ҳафтасининг охиригача кечалари 20-25 даража, баъзи жойларда 27 даражагача, кундуз кунлари 35-40 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-43 даражагача иссиқ бўлади. Ушбу кунларда ёғингарчилик кутилмайди.

Шарқий йўналишдаги шамол 7-12 метр/секунд тезликда эсади, 24 ва 27—28 июнь кунлари баъзи жойларда 15-20 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чаг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларда 24 июнда кундуз куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкентда душанба куни куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат 34-36 даража бўлади. Куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда шамол тезлиги 10-12 метр/секундгача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

25—28 июнда ёғингарчилик кутимлайди. Ҳарорат асосан кечалари 20-25 даража, кундузи 25 июнда 35-37 даража, 26—28 июнда 37-40 даража бўлади. Шамол шарқдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади, 28 июнда баъзи жойларда 12-14 метр/секундгача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.