Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “Пойтахт банк” АЖ устав капиталидаги 100 фоизакциялар пакетини Бирлашган Араб Амирликларининг “Bond Investments limited LLC” компанияси (кейинги ўринларда – Инвестор)га 10,0 млн. АҚШ доллари миқдордаги сотиб олиш тўловини бирйўла амалга ошириш шарти билан сотиш бўйича келишувга эришилганлигини маълум қилади.
Аввалроқ маълум қилинганидек, давлат улушини оммавий савдо жараёни натижасида “Экспобанк” АЖ (Россия Федерацияси) билан тегишли келишув имзоланган эди. Бироқ, халқаро муносабатларда юзага келган вазият сабабли Экспобанк томонидан амалдаги келишув шартларини бажариш имконияти мавжуд эмаслиги инобатга олиниб уни ўзаро келишувга асосан бекор қилинган.
Шундан сўнг, Давактив агентлиги ва хусусийлаштириш жараёнига жалб этилган халқаро профессионал консультант “Deloitte” томонидан стратегик инвесторлардан таклифларни қабул қилиш ишлари давом эттирилди.
Жараён давомида “Bond Investments limited LLC” компанияси томонидан тақдим этилган таклиф аввалги талабгорларнинг билдирган сотиб олиш қийматидан ҳамда мустақил баҳоловчи (“KPMG” халқаро компанияси) томонидан баҳоланган қийматдан юқори бўлган тижорат таклифи ҳисобланади.
Мазкур жараён консультант “Deloitte”томонидан мувофиқлаштирилган ва олди-сотди шартномаси лойиҳаси тайёрланган, консультант томонидан“Bond Investments limited LLC”компанияси ҳамда унга тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи, АҚШ, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг очиқ санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги ўрганилган.
Инвестор Бирлашган Араб Амирликларининг юқори суръатларда ривожланаётган инвестиция компанияларидан бири бўлиб, “Das Holding LLC” компанияси гуруҳи таркибида фаолият юритади. Холдинг гуруҳи яқин Шарқ ва бутун дунёдаги диверсификацияланган бизнес соҳаларида фаолият юритувчи компаниялардан иборат.
Таъкидлаш лозимки, Холдинг гуруҳи БААда исломий ва рақамли банкни ўз ичига олган муваффақиятли банкларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини юритиш тажрибасига эга. Ушбу тажриба Ўзбекистон банк секторида татбиқ этишга хизмат қилади.
Инвестор томонидан ушбу банк негизида энг замонавий мобил ва рақамли молиявий технологияларни жорий қилган банк инфратузилмасини яратиш режалаштирилган.
Битимни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ якунлаш учун Инвестор томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Пойтахт банк” АЖ акцияларини сотиб олишга доир дастлабки рухсатномасини олиш талаб этилади.