Тошкент шаҳар ҳокимининг яширилган қарорлари ҳақдаги хабарлар юзасидан муносабат билдирилди

“Бакироо” телеграм каналида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “E-qaror” электрон тизими орқали қарорлар яширин тартибда қабул қилинаётганлиги тўғрисидаги пост эълон қилинган бўлиб, ўтказилган ўрганиш мазкур қарорларда шахсга доир маълумотлар мавжудлиги сабабли яширилганлигини кўрсатди.

Ҳокимликлар томонидан муайян ижтимоий соҳа юзасидан, шу жумладан маъмурий тартибдаги қарорларга нисбатан шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган қарорларни қабул қилиш ҳолатлари кўп бўлганлиги сабабли, тизимда ёпиқ тарзда қабул қилинган қарорлар сони ошмоқда.

Жорий йил бошидан тизим орқали Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларининг жами 3 734 та қарорлари қабул қилинган бўлиб, шундан шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган меҳнат қонунчилигига оид 1 200 га яқин (ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, интизомий қўллаш, рағбатлантириш, вазифа юклаш, хизмат сафари), васий ва ҳомий тайинлаш юзасидан 190 дан ортиқ ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилишига оид 70 га яқин ҳамда 50 дан ортиқ уй-жой билан боғлиқ қарорлар, болалар уйига жойлаштиришга оид 30 га яқин қарорлар ҳисобланади.

“Шунга кўра, мазкур турдаги қарорлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ тартибда эълон қилинмайди ва албатта, адлия органлари томонидан доимий равишда мониторинг амалга оширилади”, – дейилади хабарда.

Жумладан, мониторинг натижасида йил бошидан ҳозирга қадар аниқланган ноқонуний равишда яширилган ва қонунчилик ҳужжатларига зид равишда эълон қилинган қарорлар юзасидан тегишли муносабат билдирилиб, 1 000 га яқин қарорларнинг эълон қилинганлик ва яширилганлик ҳолатлари тизим орқали бартараф этилган.