Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида Ғазо секторида 47 киши ҳалок бўлгани ва 52 киши яраланганини маълум қилди. айни дамда Ғазода вазият ўта оғир. Болалар очарчиликдан ҳалок бўлмоқда. Сувсизлик ва очарчилик барчанинг тинка-мадорини қуритган.
Тасвирлардаги бу болакайнинг исми Юнус. У эндигина тўққиз ёшга тўлган. У очлик ва сувсизлик сабаб ҳатто қовурғаларини санаса бўладиган даражага келиб қолган. Болакайнинг онаси Ғазолик бошқа оналар каби фарзандининг кундан кунга кўз ўнгида сўлиб боришини кузатишга мажбур.
Икки ойча олдин Исроил ҳудудидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумлар кучайтирилгани боис оила шаҳарни тарк этишга мажбур бўлган. айни дамда оила ўз жонини сақлаш учун Ал-Маваси чодир лагери яқинида яшаб, жазирама кунларда сувсиз ва овқатсиз тонг орттириб, тун ўтказишга маҳкум.
Ғазода минглаб оналар ўз чақалоқларининг ўлимига гувоҳ бўлмоқда. «Биз уларни ўз қўлларимизда йўқотиш учун дунёга келтирамиз, бошпана ва паноҳсиз, ҳаётнинг оғир машаққатларига чидаб яшашга маҳкуммиз», дейди улар.
Исроил кучлари ҳаттоки Ғазодаги соғлиқни сақлаш пунктини ҳам вайрон қилиб ташлаган. Озиқ-овқат кириб келиши йўллари ҳам беркитиб қўйилган. БМТ маълумотларига кўра, аномал иссиқ сабабли сув танқислиги кучайиб, тоза сувдан фойдаланиш имкони деярли йўқ. Ҳисоботларга кўра, келаётган уч ой ичида бутун Ғазо тўлақонли очарчиликка мубтало бўлади.
«Биз тўшакда ётган яқинларимизнинг бирин-кетин келаётган ўлимини кутяпмиз. Бизда ҳаёт йўқ», дейди аҳоли. Маълумотларга кўра айни дамда 50 000 дан ортиқ бола очликдан азият чекмоқда.