Қонун лойиҳасини жамоатчилик турли эътироз ва муҳокамалар билан қарши олмоқда

Болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши ҳақидаги қонун лойиҳаси жамият томонидан катта эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хўш, ушбу қарорга жамоатчилик қандай муносабат билдирмоқда?

Депутат Ўктам Исломов қонун лойиҳасидаги айрим нормаларга эътирозини баён этиб, айни пайтда ушбу ҳужжатга эҳтиёж йўқлиги, уни қонун ташаббускорларига қайтариш таклифини илгари сурган.

«Миллий тикланиш» партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров эса мамлакатимизда динни ўрганиш, диний таълим олиш учун барча шароит яратилганини қайд этиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси нормаларини тўғри тушунтириш кераклигига урғу берган.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда ҳам кўплаб зиёлилар вояга етмаган болаларни давлат назоратида диний таълим олиши учун шароит яратиш кераклиги баён қилинган.

«Яна бир мантиқсизлик, профессионал таълимни ота-она ўзи бера олмагач, уларга тақиқ қўйишга нима ҳожат бор?

Бироқ Қонунчиликда шунчалик муҳокама бўлгани яхшилик, ишқилиб инобатга олинсин. Зеро, қонунлар аслида халққа хизмат қилиши керак.

Барака топгурлар, ўзи беш кунли дунё, келинглар, халқингиз бундоқ одамга ўхшаб нафас олиб яшасин. Ҳадеб тақиқ қўяверишнинг нима кераги бор? Халқ сизларга ўз ҳуқуқларини тақиқлаб беришингиз учун ваколат ва ойлик бермагандир?», –

деб ёзди «Ҳасанбой» жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Шоир ва публицист Алишер Назарнинг фикрича, «Диндан ташқарида қолган ҳар нарса ёмонликдир. Дин инсон ҳаётининг бир қисми эмас, балки ҳаётнинг ўзидир! Аллоҳнинг дини ақли ноқис инсоният томонидан яратилган қонунларнинг қош-қовоғига қараб турланиб, тусланиб турадиган фалсафа эмас».

«Элтуз»  телеграм каналининг ёзишича, Ўзбекистон дунёвий мамлакат бўлиб, динни ҳар бир тизимдан чиқариб ташлаш ва қонун лойиҳасининг амалга оширилишини тезлатиш керак.

«Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистон бош Қомусига Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлигини аниқ белгилаб қўйди ва аҳолининг 90 фоизи буни ёқлаб овоз берди.

Дунёвийлик — бу ҳеч қандай дини йўқ давлат. 90 фоиз омма давлатни ҳануз исломий деб ўйлайди.

Таълим, давлат умуман, ҳар бир тизимдан динни чиқариб ташланг, дин фақат одамларнинг қалбида бўлиши керак»,

деб ёзади «Элтуз» канали.

ОМҚП Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ота-онанинг ўз фарзандига тарбия, жумладан шахсан ўзи диний таълим бериш ҳуқуқи дахлсиз эканлигини маълум қилган.

«Ноқонуний диний таълим бериш асосан ота-оналар ташаббуси билан “ҳужра” шароитида ташкил этилмоқда.

Аксарият ҳолларда ота-оналар ўз болаларини диний таълим бериш ҳуқуқи бўлмаган ташкилот ёки шахс ихтиёрига бир неча ойга қаровсиз ташлаб кетиши кузатилмоқда. Бу орада бола тўлақонли шахс сифатида ривожланиши учун зарур бўлган муҳитдан узилиб қолмоқда.

Айрим ҳолларда эса, бола тўғридан тўғри жисмоний, жинсий психологик тажовузга учраётганлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Қисқа қилиб айтганда ота-она боласини “ҳужрага” топширса жавобгар бўлади.

Лекин бу нарса ота-онанинг ўз фарзандига диний сабоқ, таълим тарбия беришига умуман алоқаси йўқ»,

дейди Одилжон Тожиев