Қўйлиқдаги жанжал бўйича расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди. Видеода автомашинада одамларни уриб юборгани ҳам кўринади. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 3 июл куни тахминан соат 23.00 ларда Сергели тумани Қўйлиқ-5 даҳасида ўзаро таниш бўлган бир нечта фуқаролар К.Ф., Б.А., Т.Ж., Ф.Р., И.У.лар оғзаки келишмовчилик сабабли жанжаллашиб кетишган.

Жанжал натижасида уч нафар фуқаро тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли. Вафот этган ёки оғир жароҳат олганлар йўқ.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондор шахслар ушланган. Тергов давом этмоқда.