2024 йил 2 июль куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 да Душанбе-Варзоб-Хўжанд автомобиль йўлининг 50-километрида ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Хўжанд шаҳридан Душанбе шаҳри томон ҳаракатланган “Daewoo Nexia” русумли давлат рақами 40Н174 GB uz автомобили “КамАЗ” юк машинаси билан тўқнашиб кетди.
Ҳодиса оқибатида енгил автомашинанинг ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчиси (икки эркак ва бир аёл) воқеа жойида ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.
Автомашина ҳайдовчиси 1964 йил 11 майда туғилган, яшаш жойи Ўзбекистон Республикаси, Фарғона вилоятида бўлган Бойгитов Нурмаҳмад эканлиги аниқланди. Бошқа қурбонларнинг шахси аниқланмоқда. Шу куни қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига маълумот юборилди.
Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси томонидан воқеа оқибатларини бартараф этиш учун воқеа жойига қутқарувчиларнинг навбатчи сменаси жўнатилди.
Воқеа жойига етиб келган Фавқулодда вазиятлар бўйича комиссиянинг Ихтисослаштирилган қидирув-қутқарув хизмати бошқармаси қутқарувчилари махсус асбоблар ёрдамида жасадларни ғижимланган автомобиллардан чиқариб, ички ишлар ходимларига топширди.
Иккинчи ҳолат Суғд вилоятининг Айний туманида содир бўлди.
2024 йил 2 июль куни соат 16:50 да Суғд вилояти, Айний тумани, Рарз қишлоқ фуқаролар йиғини, Нижний Шавакт қишлоғи яқинида, Айний-Кўҳистони Мастчоҳ автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Рарз қишлоқ фуқаролар йиғини, Нижний Шавакт қишлоғида яшовчи 32 ёшли фуқаро бошқарувидаги “Musso” русумли автомашина туман марказидан Нижний Шавакт қишлоғи томон ҳаракатланаётганда бошқарувни йўқотиб қўйган ва машина 450 метрли жар ағдарилиб кетган. Машинада ҳайдовчининг рафиқаси ва уч нафар фарзанди бўлган. Ҳодиса оқибатида барча оила аъзолари воқеа жойида ҳалок бўлган.
Шу муносабат билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси йўл-траспорт ҳодисаси оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ва ҳайдовчиларга имкон қадар эҳтиёт бўлиш ва барча йўл ҳаракати қоидаларига, шунингдек, белгиланган тезликка риоя қилишни яна бир бор эслатиб ўтди.