Гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасини олдини олиш ва унга чек қўйиш мақсадида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ва ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилди.
Бу ҳақда Сурхондарё Божхона бошқармаси хабар берди.
Ўтказилган тадбирлар доирасида шу йилнинг 3 июль куни тунги соат 22:40 ларда «Айритом» чегара божхона постининг «кириш» автоповилонига кириб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда текширилди.
Текширувлар чоғида, автотранспорт воситаси кабинасидаги хуфия жойга беркитилган 7 та сариқ рангли скоч билан ўралган ўрамлар борлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, ушбу ўрамлар очилиб, махсус электрон тарозида ўлчаб кўрилганда 3 та ўрамда жами оғирлиги 3кг. бўлган «опий» ва 4 та ўрамда оғирлиги 4кг. 950 гр. бўлган «гашиш» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда, ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.