Шавкат Мирзиёев Масъуд Пезешкиённи Эрон президенти этиб сайлангани билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Масъуд Пезешкиённи Эрон Ислом Республикаси президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ўз мактубида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли шериклик барча устувор йўналишларда янада юқори босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

«Биз катта салоҳият ва имкониятга эга бўлган, сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган давлатингиз билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни бундан буён ҳам изчил ва самарали кенгайтиришдан манфаатдормиз», — дейилади президент мактубида.