Олий Мажлис Сенатининг эллик тўртинчи ялпи мажлисида парламент назорати доирасида Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.
Мажлисда пойтахтда тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича қатор ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида 2024 йил 1 апрель ҳолатига фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 135,1 мингтани ташкил этиб, мазкур тадбиркорлик субъектларнинг асосий қисми, яъни 33 фоизи савдо, 13 фоизи саноат, 9 фоизи қурилиш соҳасига тўғри келган.
Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йилнинг ўтган чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,5 трлн сўмни, қурилиш ишлари 5,9 трлн сўмни, чакана савдонинг товар айланмасидаги ҳажми 11,3 трлн сўмни ва хизматлар ҳажми 20,0 трлн сўмни ташкил этган.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2024 йилнинг ўтган 6 ойида шаҳар бўйича 1 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга 17,4 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилган.
Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги кўчат экиш мавсуми доирасида Тошкент шаҳрида 700 минг донага яқин манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ва қаламчалари экилган. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 12 та туман ҳокимликлари томонидан 20,47 гектар майдонда 26 та ҳокимлик яшил боғлари, ҳар бир туманда “Каштан кўчаси”, “Чинор кўчаси”, “Эман кўчаси”, “Лола дарахти кўчаси” каби намунавий кўчалар ташкил этилган.
Чиқиндиларни бошқариш бўйича Тошкент шаҳрида мавжуд 585 та МФЙ тўлиқ санитар хизмат кўрсатиш бўйича қамраб олинган. Шаҳарда умумий ҳисобда март ойигача 363,2 минг куб метр аҳолидан қаттиқ маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳарда янги қурилаётган ҳамда фаолият олиб бораётган саноат ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарига жами 1 057 та давлат экологик экспертизасининг хулосалари тақдим қилинган.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, мажлисда таъкидланганидек, шаҳарда 2023 йил якуни билан 327 та ҳудудий корхоналар 10,2 трлн сўмлик зарар билан якунлаган.
Шу билан бирга Мирзо Улуғбек туманидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан иборат кичик саноат зонасида мунтазам равишда электр ва газ таъминотида муаммолар мавжудлиги, Яккасарой туманида эса Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилиш бўйича ишлар тўлиқ амалга оширилмаганлиги, Яшнобод туманида 28 та лотдан иборат Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилинган бўлсада, бироқ бугунги кунда 28 та лотдан фақат 12 таси аукцион орқали сотилганлиги кўрсатиб ўтилди.
“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамасдан, мурожаатларнинг 29 фоизини (106 та) кўриб чиқиш муддатлари бузилган.
Бундан ташқари, республика миқёсида атмосферага йилига 2 млн 200 минг тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқарилаётган бўлиб, Тошкент шаҳрида ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори қарийб 420 минг тоннани ташкил этган.
Ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинмаган.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 87 та ҳолат аниқланиб, табиатга жами 817,3 млн сўм зарар етказилган. Шаҳардаги оқава сув тозалаш иншоотлари самарадорлиги паст бўлиб, Салар ва Бўзсув иншоотларида 72 фоизни, Бектемир иншоотида 53 фоизни ташкил қилади, холос.
Сенаторлар томонидан шаҳарда тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, экология соҳасида мавжуд талаблар бажарилишини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўриш юзасидан таклифлар билдирилди.
Хусусан, корхоналарни соғломлаштиришга қаратилган чораларни белгилаш, кичик саноат зонаси ва ёшлар саноат зоналари муҳандислик таъминотини яхшилаш орқали тадбиркорликни ривожлантириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида ишларни ташкил этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чораларни кўриш лозимлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.