Чиқинди ташувчи корхоналар аҳоли бўйнига 40 млрд сўм қарз илиб қўйган

Фарғона вилоятида санитар тозалаш корхоналари истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик ҳисоблагани аниқланди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида санитар тозалаш корхоналари томонидан 871 та маҳалла (3148,9 минг аҳоли)га чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Бу хизматлар вилоятнинг 82 фоиз маҳалласи ёки 77,4 фоиз аҳолисини қамраб олган.

Ўрганиш жараёнида 2023 йил ҳамда 2024 йилнинг 6 ойи давомида чиқинди ташиш хизматини кўрсатиш учун истеъмолчи абонентлар-хонадонларга ҳисобланган қарздорлик суммалари таҳлил қилинган.

Таҳлил натижаларига кўра, 2023 йилда истеъмолчи абонентлар хонадонларига ҳисобланган қарздорлик суммалари таркибидаги кўрсатилмаган хизматлар қисми учун 767 068 та хонадонда яшовчи 3 141 658 нафар истеъмолчига жами 30 млрд сўмдан ортиқ қарздорлик ҳисобланганлиги ҳамда ушбу кўрсаткичлар 2024 йилинг 6 ойи давомида 784 095 та хонадонда яшовчи 3 146 985 нафар истеъмолчига жами 10 млрд сўмга яқин қарздорлик ҳисобланганлиги маълум бўлган.

Ҳисобланган 40 млрд сўмдан ортиқ асоссиз қарздорликлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.