«Навоиазот» атмосферага меъёридан кўп ташланмалар чиқаргани аниқланди

«Навоиязот» АЖ атрофида вилоят Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган текширувда атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ чиқинди чиқаргани аниқланди.

Бу ҳақда Навоий вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳолат Навоий вилоят Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди.

Ўрганиш давомида Навоий вилоят Экология бошқармасининг АММИЎЗ ва ЧҚКБ ходимлари, Навоий гидрометеорология бошқармаси ҳамда «Навоиязот» АЖ марказий лабораторияси ходимлари томонидан «Навоиязот» АЖ санитар ҳимоя зонаси атрофидан олинган таҳлил натижаларига кўра атмосфера ҳавосига ташланмалар миқдори меъёрдан юқори эканлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолат юзасидан А.Ж маъмуриятига тегишли тартибда мажбурий кўрсатмалар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Навоиязот» А.Ж ҳудудида текширувларни ўтказиш ва йўл қўйилаётган камчиликларга аниқлик киритиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вакилига келишилган ҳолда текширувларни ўтказиш бўйича тўпланган ҳужжатлар тақдим этишга тайёрланмоқда.