Чорвоқда бахтсиз ҳодиса оқибатида икки нафар фарғоналик ҳалок бўлди

Жорий йилнинг 20 июль куни соат 14:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чорвоқ» сув омборининг «Бурчмулла» сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган Зангиота туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, оқибатда катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаро тан жароҳати олган. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида фуқаролар олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

Бош прокуратура матбуот котибининг ёзишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.