Ҳиндистонда хавфли вирус тарқалмоқда. Ўн олти нафар бемор ҳаётдан кўз юмди

Шу кунларда Ҳиндистоннинг Гужарот штатида эпидемиологик вазият ёмонлашган. Жаҳон матбуоти хабарларига кўра, ҳудуд бўйлаб Чандипура деб аталувчи хавфли вирус тарқалмоқда.

Штат соғлиқни сақлаш вазири Рашикеш Пателнинг қайд этишича, ҳозиргача 50 та касалланиш ҳолати рўйхатга олинган. 16 киши инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Хўш, бу хасталик ҳақида бизга нималар маълум?

Ушбу вирус илк бор 1965 йили Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатига қарашли Чандипура қишлоғида аниқланган ва кейин шу жой номи билан атала бошланган.

Ўшандан буён мамлакатда вақти-вақти билан эпидемия авж олиши кузатилади. Жумладан, 2003 йили хасталик 329 болада қайд этилиб, 183 нафарининг умрига зомин бўлганди.

Мазкур патология тиббиётда кам ўрганилган, фақат чивинлар чақиши орқали юқиши ҳақида маълумотлар бор. У иситма, бош оғриғи, талваса (судороги), шиш, диарея белгилари билан намоён бўлади. Оғир ҳолатларда беҳушлик, кома ва ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.

Чандипура учун махсус даво муолажаси ва вакциналар мавжуд эмас. Эпидемияга қарши курашда асосан профилактик чоралар қўлланиляпти. Хусусан, вирус авж олган ҳудудларда малатион кукуни сепилмоқда.

Ўз навбатида, юқори тана ҳарорати кузатилган беморлар назорат остига олиниб, уларга интенсив муолажалар буюриляпти. (https://telegra.ph/file/9c019cb1cfeaf905a2d04.png)