Яратилган ушбу тизимда 2 мингга яқин битирувчиларнинг диплом маълумотлари жамланган.
Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, diplom.edu.uz платформаси орқали бакалавр, магистр, лицей, техникум, касб-ҳунар мактаби ва коллежларни битирганлик тўғрисидаги диплом маълумотларининг ҳақиқийлигини текшириш ва қўшимча таълим маълумотларини киритиш мумкин.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган мазкур ахборот тизимида бугунги кунда 2 млн.га яқин битирувчиларнинг диплом маълумотлари жамланган.
Тизим қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
— битирувчиларнинг диплом маълумотлари киритилади ва тасдиқланади;
— диплом маълумотлари мавжуд бўлмаганда битирувчилар Ягона идентификация тизими – OneID орқали рўйхатдан ўтиб, маълумотларни киритади.
Олийгоҳ эса диплом маълумотлари тўғрилигини тасдиқлайди.
Шунингдек ушбу платформа бошқа давлат идоралари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бунда маълумотлар автоматик тарзда шаклланади ва диплом маълумотларини киритиш талаб этилмайди.