Янгиҳаётни обод қиламиз!

Бугунги кунда Янгиҳаёт туманида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Туман ободонлаштириш бошқармаси, “Янгиҳаёт-Махсустранс” автотранспорт филиали ҳамда 17 та бошқарув сервис компаниялари томонидан тун-у кун ишлар ташкил этилган.


Хусусан, бир куннинг ўзида туманнинг 38-40 минг кв.метр ҳудуди ободонлаштирилиб, 2500 п.м ирригация тармоқлари тозаланмоқда, кунига 15 тонна чиқиндилар олиб чиқиб кетилмоқда. 20 куб майдон шоҳ-шаббалардан, 2,7 гектар майдон қуриган ўтлардан тозаланмоқда. Мазкур ишларга 8 та махсус техника, маҳалланинг ички ҳудудларини тозалаш учун эса 5 та қўшимча махсус техника жалб қилинган.


Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иногамов ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ҳам ҳар куни эрталаб маҳаллалар бўйлаб ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида маҳалла ҳудудини тартибга келтириш, ноқонуний қурилмаларни бартараф қилиш, атрофни чиқиндилардан тозалаш, дарахт ва кўчатларни парваришлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилмоқда.


Қувонарлиси, тумандаги тозалик ишларига фуқароларнинг ҳам фаоллик кўрсатаётгани. Туман ҳудудида 30 та маҳалла бўлса, ҳозирда “маҳалла еттилиги” бошчилигида барча маҳаллаларда ҳашар тадбирлари ташкил этилмоқда. Туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ҳам “Хонадон орасталиги остонадан бошланади” шиори остида ҳашар тадбирлари ташкил этилиб, унда аёллар ҳам фаол иштирок этишмоқда.


Албатта, маҳаллалар обод бўлса, туман ҳам обод бўлиб, гуллаб-яшнайди. Қолаверса, ободлик, озодалик бор жойда, файз-барака бўлади.