Бош имом-хатиб клуб яқинида маст ҳолда автомобиль бошқариб 15 суткага қамалди – Қозоғистон

Қозоғистонда Қўстанай бош имоми Бахитбек Тажимбет маст ҳолда машина бошқаргани учун 15 суткага қамалди. Мусулмонлар диний бошқармаси имомни лавозимидан четлатиб, мусулмонлардан узр сўради.

Маълум бўлишича, воқеа 23 июль куни содир бўлган. Имом клуб яқинида маст ҳолда Toyota Highlander автомобилини ҳайдаб кетаётганида қўлга олинган. Бироқ суд жараёнида у ўз айбини тан олмаган. Судда имомга нисбатан иш ёпиқ тарзда ўтказилган. Унинг айби тергов томонидан исботланган.

“Диний бошқарув тизимида ҳуқуқий нормалари ва одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузаётган шахслар диний соҳада ишлашга маънавий ҳуқуққа эга эмас. Мусулмонлар диний бошқармаси Бахитбек Тажимбетни номақбул хатти-ҳаракати учун Қўстанай вилояти бош имоми лавозимидан озод қилди.

Бошқарма воқеани катта афсус билан қабул қилади ва мусулмон жамоатчилигидан узр сўрайди. Аллоҳ барчамизни ёмон ва пушаймон бўладиган ишларни келтириб чиқарадиган худбин истакларимиздан ҳимоя қилсин”, дейилади баёнотда.