Қўли очиқ Зоир Мирзаев: Тошкент вилояти ҳокими ходимларига BYD дан сўнг яна 3.5 млрд сўм рағбат пули ажратди

26 июль куни Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳокимлик ходимларини жорий йилнинг биринчи чорагида яхшигина ишлагани учун бюджет ҳисобидан салкам 3.5 млрд пул ажратди.

“Ходимларни ҳар ой рағбатлантириб бориш мақсадида ташкилотларга иш ҳақи харажатлари учун 2 729 530,01 сўм ва иш ҳақидан ажратма (ягона ижтимоий тўлов) учун 682 382,501 сўм маблағ ажратилсин”, дейилади ҳоким қарорида.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов зиммасига юклатилган. 

Айтганча, бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтган йилнинг  ноябрь ойида ҳам Зоир Мирзаев ўзининг икки ўринбосари ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокимига BYD хизмат машиналарини харид қилиш учун 1 млрд 336,5 млн сўм ажратиш тўғрисида фармойиш чиқарганди. Маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил 3-чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидана ажратилиши кўзда тутилган.

Машиналар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбеков ва унинг қайнотаси Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбайга аталганди.

Ҳа, билганингиздек Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг қўли жуда очиқ шекилли. Айниқса ҳар чоракда яхши ишлаган ходимларини рағбатлантириш борасида. Шу сабаб бўлса керак доим “вилоят равнақи йўлида”, дея бюджетдан ажратилаётган миллиардлаб пулларнинг ҳад-ҳисоби кўринмайди.

Эслатиб ўтамиз Ogoh.uz бундан бироз аввал вилоят ҳокимининг жорий йилда қилган “катта” харажатлари бироз ҳақида тўхталиб ўтган эди.