Жорий йил 27 июль куни соат тахминан 07:20 атрофида пойтахтдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонаси қабул бўлимига Сергели тумани Хонобод 4-тор кўчасида истиқомат қилувчи 1997 йилда туғилган фуқаро Б.И. икки нафар ўртоғи — 1997 йилда туғилган П.И. ва С.Б.лар ҳамроҳлигида олиб келинган.
Бемор зудлик билан навбатчи травматолог-шифокор А.А. томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.
Дастлабки текширув давомида унга «иккала қўл-билак соҳалари, кўкрак қафаси ва қорин олди деворининг кўплаб кесилган жароҳатлари. Геморрагик шок 2-3-даража» ташхиси қўйилган.
Беморнинг ҳолати оғир, шок ҳолатида дея баҳоланиб, зудлик билан қон тўхтатиш ва шокка қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда қўшма шикастланишлар шошилинч бўлимининг микрохирургия ўрнига госпитализация қилинган.
Беморнинг танасидаги кўплаб кесилган жароҳатлар инобатга олиниб, у дарҳол хирургик амалиёт ўтказиш мақсадида микрохирургия операция хонасига олиб кирилган.
Хирургик амалиётга тайёрлаш вақтида бемор шифокор-микрохирург М.Х.га жиддий қаршилик кўрсата бошлаган ва тиббиёт ходимига тарсаки тушириб, уни ҳақорат қилган. Шунингдек, Б.И.ни тинчлантиришга уринишлар самара бермагач, у операцион столдан тушиб, шифокорни қаттиқ дўппослай бошлаган. Шундан кейин шифокор М.Х. «102» рақамига қўнғироқ қилиб, юзага келган вазият юзасидан навбатчи қисмга маълумот берган. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Шифокор М.Х. муштумзўр беморнинг ўртоқлари П.И. ва С.Б.лар томонидан ҳам калтакланган. Шу вақтда шошилинч хирургия бўлимининг навбатчи шифокори Ҳ.У. беморга хирургик амалиётни бажариш учун операцион блокка келган вақтда бу шифокор ҳам аёвсиз дўппосланган. Бунинг оқибатида шифокор ҳушидан кетиб, карахтлик-кома ҳолатига тушган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.
Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлар давомида жабрланувчи шифокорга «Бош-мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши ўрта даражаси, 3-бел умуртқаси чап ён қанотининг ёпиқ синиши. Бош пешона қисми терисининг шилинган жароҳати, ўнг томонлама лаб бурчагининг ёрилиши” ташхиси қўйилиб, шошилинч реанимацион чора-тадбирлар кўрилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, икки нафар шифокорга тан жароҳати етказган шахсларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.