Жорий йил 23 июль куни соат 17:30 атрофида Самарқанд шаҳар Сиёб маҳалласида яшовчи фуқаро навбатчилик қисмининг «102» қисқа рақамига мурожаат қилиб, Оқдарё тумани «Наврўз» маҳалласи Зарафшон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида нотаниш фуқаролар унга тегишли Nexia-3 автомашинасининг ойналарини синдириб, ўзини уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳақида хабар берган.
Чақирувга асосан Оқдарё тумани ИИБ инспектори воқеа жойига етиб бориб жанжал қилган фуқароларни хизмат хонасига олиб борган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мурожаат қилган фуқаро билан суҳбатлашиб турган вақтда ҳуқуқбузарлар 35 ва 19 ёшли йигитлар ҳамда 45-50 ёшлар атрофидаги аёл «нима учун хизмат хонасига биринчи бизни киритмайсан, биз ҳам «102» рақамига мурожаат қилганмиз» дея жанжал кўтарган. Инспектор ишига халақит бермай туришини, навбат билан гаплашишини айтган вақтда улар ходимни ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, хонадан чиқиб кетган.
Инспектор уларга кетиб қолмаслигини, қолаверса ҳолат бўйича тушунтириш хатлари олиши лозимлигини айтган вақтда, аёл киши келиб ходимнинг кийимидан тортиб қаттиқ ҳақоратлаган. Ғазаби қайнаган икки эркак муштига зўр бериб, профилактика инспекторини дўппослаган ва йиқитиб танасининг турли жойларига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг, уччала фуқаро ҳам ўзларига тегишли бўлган автомашинага ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда 3 нафар гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинган.