Кеча, 2-август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда, Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев Автомобилларга газ тўлдириш станцияларида сотилаётган метан ва суюлтирилган (пропан) газ нархларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўлланиладиган назорат механизмлари юзасидан маълумот бериб ўтган.
Аниқланишича, қўмита томонидан республика бўйича 1450 та газ тўлдириш шохобчаларида сотилаётган метан газининг чакана нархларининг дастлабки тезкор мониторинги ўтказилган ва унинг натижаларига кўра, газ тўлдириш шохобчаларининг 71 фоизида (1 064 та ҳолатда) 3 750 сўм нархлар сақланиб қолаётганлиги, 25 фоизида (370 та ҳолатда) нархлар 3800-3950 сўмгача ташкил этганлиги аниқланди, қолган 4 фоизи иш фаолиятида эмаслиги маълум бўлган.
Бугунги кунда, метан гази нархларининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Ўз навбатида, Рақобат қўмитасида газ тўлдириш шохобчалари ўртасидаги келишиб қилинган ҳаракатлар ёки ўз устун музокара кучини суиистеъмол қилиш натижасида нархларни асоссиз ошириш ҳолатлари аниқланганда, ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан нархларни тушириш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилади ҳамда молиявий жарималар қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, пропан гази маҳсулоти нархлари ўрганилганда 20 фоиз газ тўлдириш шохобчаларида нархлар 5500 сўмни, 65 фоизида 5500-6000 сўм оралиқда эканлиги, 5 фоизи 6500 сўм ва 10 фоизи иш фаолиятида эмаслиги аниқланган.
Шу билан бирга, қўмита томонидан биржа савдоларида пропан маҳсулотининг нархларига таъсир этувчи омиллар ўрганилмоқда ва ишлаб чиқарувчилар томонидан нарх манипуляциялари ва бошқа рақобатга зид ҳаракатлар аниқланганда уларга нисбатан таъсирчан ҳуқуқий чоралар қўлланилиши таъкидланган.