2018 йил Ҳукумат томонидан ягона мактаб формалари намуналари тасдиқлаган эди. Аммо мактабларда бу галги ўқув йили учун ўқувчилардан мажбурий форма талаб этилмайди.
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов маълум қилди.
Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун мажбурий мактаб формалари 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб уни ихтиёрий тартибда кийишга рухсат берилганди. Мактаб формалари мажбурий бўладиган сана 2019/2020-ўқув йилидан 2024/2025-ўқув йилига – 5 йилга кечиктирилганди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига тегишли тузатишлар киритилган бўлиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилиши белгилан эди.
– Ҳар йили ҳар бир мактаб томонидан ўз низоми бўйича белгиланган форма танлаб олинади, – дейди Азамат Камолов. – Ҳозирга қадар ўқувчилар учун айни бир хил форма кийилсин, деган қаттиқ талаб қўйилмади. Демак, жорий йилда ҳам мактабларда мажбурий форма жорий этилмайди. Аммо ўқувчилар учун «Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари»га мувофиқ, ўқувчиларнинг таълим муассасаси уставида ман этилган либос ва қиёфада, жумладан ўғил болалар калта шим, футболка, шиппакда ва қизлар тор ва танани очиқ кўрсатувчи юпқа, ҳарир кийимларда келиши ҳамда бўйни ва бармоқларига турли тақинчоқлар тақиши ман этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар ва таҳлил натижаларига кўра, ягона мактаб формаси мактаб ўқувчилари (уларнинг ота-оналари) ўртасида кийиниш бўйича рақобатни чеклайди, турли хил ижтимоий-иқтисодий тоифадаги оилалар фарзандлари орасида табақаланишнинг визуал фарқини кескин камайтиради.
Албатта, мактаб формасини жорий этишнинг мақсади ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратишдан иборат.