Муддати тугаётган депутатлар аста-секин турли лавозимларга қўйилмоқда

Дониёр Ғаниев Қонунчилик палатасидаги депутатлик фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди.

«Сайловчилар билдирган ишончни оқлаш, уларнинг дарду ташвишларини, муаммо ва ҳоҳишларини Парламент минбарига олиб чиқиш, қабул қилинган қонунларни адолатли ва инсонпарвар бўлишига ҳисса қўшиш, мурожаат қилган фуқароларга ёрдам бера олиш имконияти мен учун депутатликнинг энг катта шарафи бўлди. Бундай имконият ва бахт менга насиб қилганидан ҳар доим фахрланаман.

Албатта, депутатлик фаолиятимга энг муносиб баҳони сайловчилар беради. Балки, менга овоз берган сайловчиларнинг ишончини ҳар доим ҳам оқлай олмагандурман. Бироқ, виждонимга қарши бормасликка, принципларимга содиқ қолишга қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Инсонлар оғирини енгил қилишга хизмат қилувчи ижобий нормаларни қўллаб-қувватлашдан, фуқаролар манфаати ва ҳуқуқларига зид деб билган қонунларга эса қарши туришдан иккиланмадим.

Лекин, инсон атрофидаги ўзгаришлар, реаллик билан ҳисоблашиши ҳамда ўз имконият ва қобилиятларини тўғри баҳолай олиши керак. Гарчи депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласамда, бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўИмаслигини тушуниб етдим. Менимча, ҳаётимда ўзгаришлар қилиш, янги челенж ва имкониятларни қарши олишнинг айни вақти.

Шу боис, депутатлик мандатимни тугатишга, янги сайловларда номзодимни илгари сурмасликка қарор қилдим. Бундан кейинги фаолиятимни эса Вазирлар Маҳкамасида инвестиция йўналишида (депутатликдан аввал ҳам шу йўналишда ишлаган эдим) масъул ходим сифатида давом эттирадиган бўлдим. Ўзи хайрли қилсин.

Фурсатдан фойдаланиб, менга ўз вакиллигини ишонган Марғилон округи сайловчиларига, фаолиятимни эътироф этиб, қўллаб-қувватлаган жамоатчилик фаоллари, ОАВ вакиллари ва кўплаб блогер дўстларимизга билдирилган ишонч ва қўллов учун миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, Парламент йиғилишларида ҳар доим ўз фикримни айтишга имконият яратган Қонунчилик палатаси Спикерига, ялпи ва фракция йиғилишларида қўллаб-қувватлаган ҳамкасб депутатларга ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда керак бўлса депутатлардан ҳам кўпроқ меҳнат қиладиган Палата девони ходимларига ҳам алоҳида раҳмат айтаман», — дея ёзиб қолдирди Ғаниев.