Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор рейд тадбирлари давомида Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатлари аниқланди.
Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Учкўприк туманида яшовчи, 1968 й.т. шахс ўзганинг текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖга қарашли, Фарғона шаҳридаги акциядорлик тижорат банкларидан бирида гаровда турган 12 сотих ер майдонини 130 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 109 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хизматнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1991 й.т. фуқаро тумандаги ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг суғориладиган ер майдонидан 50 сотихини 80 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб, келишилган пул маблағидан 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хизматнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қарши тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари чорвачилик йўналишида фойдаланиш мақсадида фуқарога туман ҳокимлиги захирасидаги 25 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 5 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.