АОКАда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги директори, Халқаро валюта жамғармаси вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш натижалари тўғрисида маълумот берилди.
Солиқ қўмитасидан солиқ текширувлари бўйича ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан норасмий бандлик бўйича маъмурий маълумотлар олинди ва хорижий тажрибалар асосида улар ҳам таҳлил қилинди.
Йиғилган маълумотлар асосида 2017-2023 йиллар учун иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар кесимида норасмий ва яширин иқтисодиёт ҳажми ва унинг ЯИМга таъсири статистик баҳоланди.
Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, норасмий иқтисодиётда яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми 2023 йилда 26 триллион сўм қўшимча аниқлик киритган ҳолда баҳоланди ҳамда амалдаги 297,3 триллион сўмдан 323,3 триллион сўмга ошди. Шундан, хизматлар соҳасида 6,7 триллион сўм, қурилиш ишлари соҳасида 14,3 триллион сўм, саноат тармоғида 4,9 триллион сўм қўшимча баҳоланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, яширин иқтисодиётда яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми 2023 йилда 99,6 триллион сўмни ташкил этди. Шундан, хизматлар соҳасида – 79,3 триллион сўм, қурилиш ишлари соҳасида – 8,1 триллион сўм, саноат тармоғида – 12,3 триллион сўм қўшилган қиймат ҳажмлари баҳоланди.
Амалга оширилган баҳолаш якуни билан Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми 2023 йилда қўшимча 125,6 триллион сўмга ошди ва жами 1 192,2 триллион сўмни ташкил этди. Шунга мос равишда, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми қўшимча 3,4 миллион сўмга ошиб, 32,7 миллион сўмга етди.
Статистика агентлиги томонидан норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш услубиёти, унда фойдаланилган саволномалар, дастурий маҳсулот ва статистик кузатувларни ўтказиш жараёнлари келгусида узлуксиз такомиллаштириб борилиши, норасмий ва яширин иқтисодиёт бўйича динамика қаторларини юритиш мақсадида ҳар беш йилда бир марта махсус танланма статистика кузатувлари ўтказилиши белгилаб олинган.
Ўтказилган танланма кузатувлар натижаларини асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда акс эттирилиши ялпи ички маҳсулот ва унинг таркибий қисмларини баҳолашни такомиллаштиришга ҳамда бу орқали унинг тўлиқ қамровини таъминлашга хизмат қилади.
Бу эса ўз навбатида, давлат бошқаруви органлари учун иқтисодиётни режалаштириш, чуқур ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичларни халқаро даражада таққослаш имконини беради.