ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган фуқаро вафот этгани маълум бўлди. Яқинлари марҳумнинг уриб ўлдирилганлигини айтишмоқда

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида яшовчи 31 ёшли фуқаро ИИБ ходимлари томонидан дастлаб Бўка туманига, ундан Бекободга олиб кетилган. Кўп ўтмай унинг вафот этгани маълум бўлди. Марҳумнинг яқинлари у ИИБ ходимларининг калтаклаши оқибатида вафот этганини айтмоқда. Вилоят ИИБ ахборот хизмати эса маст фуқаронинг машинадан сакраб тушиши унинг бош мия суяги синишига ва тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай вафот этишига сабаб бўлганини иддао қилган.

«Ўғлим Тўрахонни 2024 йилнинг 26 июль куни Бобур ва Обид исмли “участкавой”лар ППС ходимларини чақириб, ярим кечаси Бўкага олиб кетишган. Нима бўлган бўлса, ҳаммаси йўлда бўлган», дейди марҳумнинг отаси

Отанинг билдиришича, ўғли ИИБ ходимлари томонидан дастлаб “ВАЗ 2107” автомобилида Оққўрғон туман ИИБга, ундан шифохонага олиб кетилган. Сўнг Бўка туманига кетилган. 

«Биз эртаси куни Бўка туманига бордик. У ерга борсак, ўғлимни Бекобод туманидаги шифохонага ўлик ҳолда олиб кетишган экан. Ўғлимнинг юзлари шишиб, боши ёрилган бўлган», дея қўшимча қилган отаси.

Марҳумнинг яқинларига кўра, воқеа босди-босди қилиниши мумкин. 

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 26 июль куни соат 01:30 ларда Оққўрғон тумани “Қўштепа” маҳалласи ҳудудида ўзаро жанжаллашаётган тўрт нафар фуқарони шу ҳудудда тунги хизматга жалб қилинган ИИО ходимлари тинчлантиришга ҳаракат қилган.

«Шу вақтда улардан бири 1993 йилда туғилган Т.М. (мастлик ҳолатида бўлган) ходимларнинг қонуний талабларини бажармасдан, бақир-чақир қилиб, жанжални давом эттирган. Шундан сўнг ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Т.М. Оққўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва экспертизадан ўтказилган. Фуқарода мастлик ҳолати тасдиқлангач, уни тиббиёт ҳушёрхонасига жойлаштириш мақсадида хизмат автомашинасида олиб кетилаётган вақтда, фуқаро машинанинг орқа эшигини бирдан очиб, ҳаракатланаётган транспорт воситасидан ташқарига сакраган. Оқибатда тан жароҳатлари олган», дейди Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари.
 
Масъулга кўра, жароҳат олган фуқарога ходимлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, у Бўка тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва ўша ерда вафот этган.