Давлат қарзи бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда иккинчи ўринда туради

Марказий Осиё мамлакатлари орасида давлат қарзининг энг юқори кўрсаткичи Қозоғистонда, энг паст кўрсаткич Тожикистонда қайд этилган.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 34,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Шундан 29,6 миллиард доллари ташқи, 5,3 миллиард доллари ички қарз ҳисобланади. Республика Марказий Осиё мамлакатлари орасида давлат қарзи миқдори бўйича иккинчи ўринни эгаллаган.

2024 йил 1 январь ҳолатига Қозоғистон давлат қарзи 105 миллиард долларни ташкил этган. Қирғизистон давлат қарзи эса 6 миллиард доллар, Туркманистонники  4,5 миллиард доллар, Тожикистонга тегишли давлат қарздорлиги 3,6 миллиард доллар. 

Марказий Осиё давлатларининг стратегик ҳужжатларида давлат қарзи даражасининг максимал чегаралари кўрсатилган. Хусусан, Қозоғистон давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 27 фоизидан ошмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, Қирғизистонда давлат қарзи миқдорини ЯИМнинг 70 фоизидан, Тожикистон ва Ўзбекистонда эса 60 фоизидан оширмаслик кўзда тутилган.