Қонун қонунни билганга ишлайди, деган гап бор. Зеро Ўзбекистонимизда бунга қатъий амал қилинмасада.
Давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимлар ярим тунда уйга қайтишидан норози. Ходимларни иш вақтидан ташқари олиб қолиш Ўзбекистондаги ташкилотларда одат тусига кириб қолган. Айниқса ҳокимлик, банк, солиқ тизимида ишлайдиганларни ярим кечагача ишда ушлаб, яна саҳарда мажлисга чақириш анъанага айланган. Аслида бу қонунчилигимизга мутлақо зид ҳаракат саналади.
Мана шундай ташкилотда ишловчи бир фуқаронинг айтишича, улар ишда шунчаки ўтиришади. Чунки раҳбарнинг бемаҳал чақириб қолишидан қўрқишади.
«Раҳбарлар кетмагунича ишдан кета олмаймиз, улар эрталаб соат 11 да ишга келиши мумкин, чунки кеч кетади. Аммо биз эрталаб сота 9 дан бир дақиқа ҳам кечикмай ишда бўлишимиз керак. Иш эса асосан тушдан кейин қайнайди. Кечки 6 да иш вақти тугаши мумкин, бироқ раҳбарларимиз нимадир сўраб қолади деган ҳадик билан ишда бўлиб турамиз. Баъзи кунлари кечаси соат тунги 11 гача ўтиришимиз мумкин, бироқ ҳеч иш қилмаймиз. Шу ерда бўлиб турсак бўлгани. Болаларимни фақат ухлаганини кўраман холос», дейди у.
Яна бир давлат ташкилоти, ҳокимлик тизимида ишловчи ходимнинг сўзларига кўра, уларнинг иш вақти мутлақо чегараланмаган. Тунги соат 2 ми ёки тонгги 6, умуман фарқи йўқ.
«Баъзан ишхонанинг ўзида тунаб қолишга ҳам мажбурман. Раҳбар кечаси тўсатдан ниманидир буюриб қолса шошиб қолмаслик учун ярим тунгача ишдан кетмайман. Каттароқ тадбирлар бўлган кунни гапирмаса ҳам бўлади. Ҳаттоки икки суткалаб мижи қоқмай ишлайман. Хотинимга охирги марта қачон эътибор қаратганимни, болаларга бирон соати вақт ажратганимни эслай олмайман», дейди у.
Одатда бундай ташкилотларда асосан эркаклар ишлашади. табиийки, бундай шароитда ишлаш учун камдан кам аёл рози бўлиши мумкин. Ходимларнинг ишдан орта олмай оилавий муносабатларининг ёмонлашуви ҳам янгилик эмас. Афсуски, ҳодимлар раҳбариятдан ўз ҳақларини талаб қилса, уларга тўғриликча эшикни кўрсатиб юборишади.
«Турмуш қурганимизга 14 йил бўлди. икки фарзандимиз бор. Эрим Худонинг берган куни ишдан кеч қайтади. У вақти мен ҳам, болалар ҳам ухлаб қолишади. Одатда каллаи саҳарлаб соат 6-7 даноқ мажлисга кетиб қолади. Бу ҳол тез-тез такрорланаверганидан кўникиб ҳам қолганман. Сўнгги йилларда ўртамиздаги эр-хотинлик муносабатлари ҳам ёмонлашган. Чунки турмуш ўртоғимнинг шахсий ҳаётга вақти йўқ. Нима қилайлик, талабларга бўйин эгмаса, эримни ишдан бўшатиб юборишади «, дейди солиқ ташкилотида ишловчи ҳодимнинг аёли.
Қонун қонунни билганга ишлайди, деган гап бор. Зеро бизнинг ҳудудда бунга қатъий амал қилинмасада.
Қонунчиликка кўра, Меҳнат кодексининг 182-моддасида ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги белгилаб қўйилган.
Давлат ташкилотларида ходимни ишдан кейин ҳам мажбуран олиб ўтириш инсон ҳуқуқларининг бузилиши деб баҳоланади. Ҳодимларнинг рогзилигисиз бирон бир ташкилот ҳодимларини ишдан ташқари яна ишлатиш ҳуқуқига эга эмас.