Шунингдек, немис компанияси Фарғонада ўрта тиббиёт бўғини кадрларини тайёрлаш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Швейцариянинг «Globogate Concept AG» ташкилоти бизнесни ривожлантириш директори Йоханнес Мейерни қабул қилди.
Самимий руҳда кечган мулоқотда фарғоналик ҳамшираларни Германияга ишга жалб этиш ва вилоятда тиббиёт коллежини очиш масалалари муҳокама қилинди.
«Globogate Concept AG» ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда Германияга ҳамшираларни ишга жалб этиб келади.
500 нафар ҳамширани Германияга ишга таклиф этиш учун Фарғонада немис тили курсларини ташкил этиш зарурлигини қайд этган Йоханнес Мейер, 10 ой давомида немис тили курслари бепул ўргатилиши ҳамда ушбу курсларда қатнашган ҳамширалар Германияга ишга жўнатилишини маълум қилди.
Шунингдек, компания немис стандарти асосида Фарғонада ўрта тиббиёт бўғини кадрларини тайёрлаш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Дастлаб Германия тажрибаси асосида ҳамширалар тайёрлаш кўзда тутиляпти.
Вилоят ҳокими Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда Марғилон шаҳридаги Ибн Сино тиббиёт техникумида ўқув муассасасини ташкил этиш мумкинлигини билдирди.
Ҳамшираларнинг немис тилини ўрганишлари учун Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида зарур шарт-шароит мавжудлигини таъкидлади.