Суд «Озодлик»ка «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув учун 100 млн сўм товон тўлаш мажбуриятини юклади

Тошкентдаги суд «Озодлик» радиосини газ савдоси билан шуғулланувчи Ultimo Group Limited компанияси ва унинг асосчиси ҳақидаги текширув юзасидан рад этиш баёноти эълон қилишга ҳамда маънавий зарар учун 100 миллион сўм миқдорида товон тўлаш мажбуриятини юклади

Газета.уз нашрининг ёзишича, газ ресурслари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Ultimo Group Limited МЧЖнинг 50 фоизлик улушига эгалик қилувчи тадбиркор ва мазкур компания директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев 2024 йил апрель ойида эълон қилинган материаллар  сабаб «Озодлик» радиосининг ўзбек таҳририяти ҳамда унинг журналисти Лазизхон Олимов устидан судга даъво аризаси киритган.

Иш фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида кўриб чиқилган.

Суд мажлисида «Ўзтрансгаз» компанияси вакиллари Ultimo Group Limited Туркманистон газини «Қизилқумсемент» компаниясига сотганлигини тасдиқлаган. Етказиб бериш учун «Ўзтрансгаз»нинг магистраль газ қувурлари инфратузилмасидан фойдаланилган бўлиб, у билан «фақатгина ташиш шартномаси» имзолангани қайд этилган.

Ташиш тарифлари бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров раислигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ҳукуматлараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланган.

«Ўзтрансгаз» вакилининг айтишича, қишда цемент заводлари газ етишмаслиги сабабли тўхтаб қолган, бироқ «Қизилқумсемент»нинг Tashkent City лойиҳаси ташаббускорлари олдидаги мажбуриятлари бор эди, уни амалга ошириш учун хомашё керак бўлган. Таъминот узилган тақдирда жарима назарда тутилган.

«Қизилқумсемент» Ultimo Group Limited компаниясидан газни 1000 сўмдан сотиб олган — худди шундай тариф учинчи тоифадаги истеъмолчилар учун ҳам амал қилган.

29 июль куни бўлиб ўтган якуний йиғилишда тилшунос мутахассислар, филология, адабиёт ва ўзбек тили фанлари магистранти ва докторантлари иштирок этиб, терговда билдирилган фикрларга баҳо бердилар.

Улар «арвоҳ» «ўртакаш» «яширин фаолият» ва бошқа сўзларни ҳамда контекстни баҳолаган. Даъвогар томон, шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказидан хулоса олиб, компаниянинг ишчанлик обрўсига, таъсисчининг шаъни ва қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатаётган юқоридаги ва бошқа эпизодларни ҳам кўрсатиб ўтган.

Мажлис якунида Абдуқодир Ражабов раислигидаги суд Ultimo Group Limited ва Туҳафтхўжа Анвархўжаевнинг даъвосини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди ва «Озодлик» радиосига раддия эълон қилиб, маънавий зарар учун 100 млн сўм компенсация тўлашни юклади.