«Ипак йўли» банки жаримага тортилди

Банк омонат бўйича муҳим маълумотларни тўлиқ бермагани аниқланган. 

«Ипак йўли банки»га нисбатан жарима қўлланилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди. 

Қўмита “Реклама тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, рекламанинг айланиши соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини назорат қилувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади. 

Ўрганишлар давомида банк эълон қилган “Универсал” ва “Миллий” номли омонат турлари рекламасида “Универсал” омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 22 фоиз, “Миллий” омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 25 фоиз эканлиги ҳақида ахборотлар берилганлиги кузатилган.

Шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида “Универсал” омонат тури бўйича омонатга қўйилган маблағлар бўйича йилнинг дастлабки 6 ойи учун депозит ҳисобрақамлари ёпилиши муддатига қараб йиллик 14 фоиз ставка ва йилнинг кейинги 6 ойи учун 18 фоиз ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқилиши ҳақида маълумот кўрсатиб ўтилган. 

Аммо юқорида келтириб ўтилган реклама  воситаларида  “Универсал” номли омонат тури ҳақидаги бошқа муҳим маълумотлар тўлиқ берилмаганлиги ҳолати аниқланди.

Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16 ва 43 моддалари ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиш аломатлари юзасидан банкка нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда  молиявий  жарима қўлланилди. 

Шунингдек,  қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.