Қашқадарёда Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилган. Энг қизиғи, танлов ғолиби ҳакамнинг ўзи бўлган.
«Дарё» интернет нашри журналистининг ёзишича, кўрик танловда 2024 йил 21 август куни ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Танловнинг “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” йўналишида ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ғулом Абдиев 1-ўринга лойиқ кўрилиб, диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланган.
«Ҳакамнинг ўзи танлов ҳолиби бўлганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳакамлар ҳайъати аъзоси ўзини ғолиб деб топиши ғалати эмасми?», деб ёзади журналист.
Маълумотларга кўра, , Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Галовиддин Йўлдошев танловга қашқадарёлик шоир ва ёзувчилар, журналист ва блогерлар, рассом, дизайнер ва фотографларнинг 200 дан ортиқ ижодий ишлари қабул қилинган.
Танлов низомига кўра, ўтган уч йил давомида ғолибликни қўлга киритганларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилмайди. Аммо, танлов жараёнида бу талабга ҳам амал қилинмаган. Ҳатто 2022 ва 2023 йилларда ҳам танловда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олган баъзи ижодкорлар бу йил ҳам қатнашиб, биринчи ва иккинчи даражали диплом билан тақдирланган.
Устига устак, бу йилги танловда 1-, 2- ва 3-ўринлар иккитадан бўлиб, масъул бу орқали ўзи раҳбарлик қилаётган, ташкил топганига ҳали олти ой ҳам бўлмаган “Маҳалла 7лиги” газетаси ходимларини рағбатланлантирган.