БМТда Ўзбекистон куни нишонланди

 

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан келган дипломатик корпус вакиллари билан бир қаторда, бугунги кунда АҚШда фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ватандошларимиз ҳам иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Доимий вакили Улўғбек Лапасов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сармоядорларга яратилаётган инвестиция шароитлари, шунингдек, АҚШда ўзбеклар жамиятининг мавқеи тобора ошиб бораётганини алоҳида таъкидлади ва йиғилганларни Мустақиллик байрами билан қутлади.

Миллий куй-қўшиқларимиз эса тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Шуни таъкидлаш жоизки, АҚШда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тадбирлар 9 сентябрга қадар давом этади. Жумладан, ушбу сана муносабати билан 1 сентябр куни Манҳеттендаги Уолл-стрит кўчаси бўйлаб оммавий марш ҳам ташкил этилиши кўздa тутилган.