Ўзбекистон ва Озарбайжон биргаликда паромлар ишлаб чиқаради

Паромлар Ўзбекистон эҳтиёжлари учун тақдим этилади. Лойиҳани молиялаштириш ҳажми 150 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Томонлар транспорт ва транзит соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда. Хусусан, гап омбор инфратузилмасини биргаликда қуриш, Транскаспий йўналиши бўйича ташувларни ривожлантириш учун қўшма корхона ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар ҳақида бормоқда.

22 август куни Тошкентда Ўзбекистон—Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Музокаралар якунида 2 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Бундан ташқари, 23 август куни президент Илҳом Алиевнинг Тошкентга ташрифи доирасида давлат раҳбарларининг икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунида умумий қиймати 520 миллион долларлик 7 та лойиҳа ишга туширишга тайёрланди.

2023 йилнинг август ойида транспорт вазирининг собиқ ўринбосари Абдусамат Мўминов Ўзбекистоннинг Боку портидаги омбор инфратузилмасидан фойдаланишга қизиқиши борлигини айтганди. 2022 йилда Боку порти орқали юк ташиш ҳажми 904 минг тоннани ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 65 фоизга ошди.

Олдинги учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш, Боку ва учинчи давлатлар портларида омборлар ва логистика марказларини қуриш имкониятларини муҳокама қилган.