Тошкентдаги мусиқа фестивалида жанжал чиқди

Ижтимоий тармоқларда “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивалига келган фуқаролар жамоат тартибини бузаётганлиги акс этган видео тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Юнусобод туманида “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилган. Соат 18:00дан 22:20га қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган.
Бироқ улар орасида бир нечта фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан майда безорилик содир этган.

ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаганларнинг ота-онасига МЖтКнинг 47-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар tekshiruv ўтказилмоқда. Якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

“Ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз”,- дейилади хабарда.