Қишлоқ хўжалиги вазири собиқ ўринбосари 6 йилга, унинг қизи 5 йилга қамалди

REUTERS/Suhaib Salem

Суд собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тураевни қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айблаб, 6 йилга озодликдан маҳрум этди. Унинг етказиб берувчи компанияда ишлаган қизига 5 йил 1 ой қамоқ жазоси тайинланди.

Собиқ вазир ўринбосари манфаатлар тўқнашувига қарамай, унинг ўғли Бекжон Тураев асосчиси бўлган De Nova Agro компаниясининг тендерларида ғалаба қозонган. 2021 йил 30 август куни корхона билан in-vitro усулида 1 миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик шартнома тузилди, дейилади ҳужжатда.

Суд қарорида қайд этилишича, аслида бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган, бироқ маҳсулот қабул қилингани бўйича бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган ва «ўзлаштирилган» пул ўтказиб берилган.