Бухорода кадастр ходими 3 минг АҚШ доллар пора билан ушланди

Бухорода тадбиркорнинг биносини фойдаланишга рухсатнома олиб беришни ваъда қилган кадастр муҳандиси ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар қилди. 

Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда Кадастрлар палатаси Қоровулбозор тумани филиали етакчи муҳандиси М.С. фуқаро А.Х.нинг ишончига кириб, тумандаги “Бўзачи” МФЙ ҳудудида жойлашган тадбиркор Ж.С.га тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш объекти биносини Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказиши ва фойдаланиши учун рухсатнома олиб бериши эвазига фуқаро А.Х.дан 3 000 АҚШ долларини олганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.