“ИНБАЗАР” ихтиёрий тугатилиш босқичида

Ижтимоий тармоқларда штатида 1 нафар ходим кўрсатилгани айтилган “ИНБАЗАР” ҳақидаги хабарларга Солиқ қўмитаси муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда “Инбазар” савдо дўконлари тармоғидаги ходимлар сони тўғрисида тарқалган маълумотлар юзасидан Солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида “Инбазар” савдо бренди остида 3 та тадбиркорлик субекти фаолият юритмоқда: 

 • “IN MAG” МЧЖ;

 • “GO TREND” МЧЖ;

 • “KDS SALES” МЧЖ.

Тақдим этилган солиқ ҳисоботларига кўра, ушбу тадбиркорлик субектларида 44 нафар ходим расман иш билан таъминланган.

“Солиқ органлари қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда, солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади.

Солиқ органлари томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида “Soliq” мобил иловасидаги  “Солиқ ҳамкор” тизими орқали харидорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида , мазкур тадбиркорлик субектларида 17 маротаба сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича жарималар қўлланилган.

Штатида 1 нафар ходим кўрсатилган “ИНБАЗАР” МЧЖ тадбиркорлик субекти сифатида фаолият юритмайди ва ҳозирги пайтда ихтиёрий тугатилиш босқичида”, дейилади расмий хабарда.