Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатига асосан, Қайрағоч қишлоғида жойлашган “Кўктош” қабристони ҳудудидан топилган қадимий 2 та дахма ҳамда 1 та қабртош ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Кўктош” қабристони ҳудудидан топилган қадимий дахма ҳамда қабртошлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Миллий рўйхатида қайд этилмаган.
Ўрганишлар давомида топилган ноёб тошлар ўрта асрларга оид эканлиги аниқланди. Ушбу топилмаларни тарихий аҳамиятини аниқлаш мақсадида Самарқанд археология институти ходимлари томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Пастдарғом тумани ҳокимлигининг 2024 йил 11-сентябрдаги 26-2712-сонли хатига асосан, 2 та қадимий дахма ҳамда 1 та қабртошни Миллий рўйхатга киритиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, давлат муҳофазасига олиш чоралари кўрилмоқда.