Россияни бир йилда икки миллиондан ошиқ муҳожир тарк этди

Расмий идораларнинг хабарларига кўра, ўтган йил давомида 2 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари Россияни тарк этган. 18 сентябр куни Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси маълум қилишича, айни пайтда мамлакатда 6,17 миллион хорижий фуқаро рўйхатга олинган.

“Жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, миграция рўйхатидан ўтиш давлат ахборот тизимида маълумотлар мавжуд бўлган Россияда бўлган чет эл фуқаролари сони 6 миллион 174 минг 777 нафарни ташкил қилди”, — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, бутун 2023 йил давомида Россия Федерациясида 8,5 миллиондан ортиқ одам миграция учун рўйхатдан ўтган, дея маълумот берган Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова. 

“МДҲга аъзо давлатлардан 2023 йилда ҳудудимизга 9 миллион 973 минг 338 киши кириб келган. Улардан 8 миллион 507 минг 906 нафари миграция учун рўйхатга олинган”, — деди Москалкова.

Шу билан бирга, жорий йилнинг июль ойида Росстат Россияга мигрантлар оқими сўнгги ўн йил ичида минимал даражага тушгани ҳақида хабар берган эди. 2023 йилда Россия Федерациясига чет элдан 560 минг киши келган, бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кам, ўша пайтдаги оқим 730 минг кишини ташкил этган, дея таъкидлади департамент.

Март ойида Москва яқинидаги Crocus City Hall концерт залида Тожикистон фуқаролари айбланган терактдан кейин Россия ҳукумати миграция сиёсатини кучайтира бошлади. Июнь ойида Давлат Думаси Россия Федерациясида мигрантларнинг бўлиш тартибини қаттиқлаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат 2025 йил 5 февралдан кучга кириши керак, шу вақтгача реестр ҳам ишга туширилиши керак.

Сентябр ойи бошида Тожикистон Россия Федерациясига боришдан вақтинча воз кечишни тавсия қилган эди. Илгари Қирғизистон ҳам худди шундай тавсия билан чиққан эди.