Боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев Тошкент марказида автомашинада 110 тезликда ҳаракатланди

Бокс бўйича Париж олимпиадаси чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Асадхўжа Мўйдинхўжаев “Президент совғаси” сифатида берилган Таҳое автомобилида шаҳар кўчалари бўйлаб 110 км/соат тезликда ҳаракатланиб, ушбу ҳаракати акс этган видеони ўзининг Инстаграм саҳифасига жойлади.

Ҳозирда ушбу видео Инстаграмдан ўчирилган.

МЖтКга биноан, Асадхўжа белгиланган тезликдан 50 км/соат тезроқ юргани учун атиги 3 млн 60 минг сўм жарима тўлаши керак (9 баробар). Мукофотга берилган 200 минг АҚШ долларини ҳисобга олсак, ҳали яна бунақа қоидабузарликни 823 марта такрорласа бўлар экан.

Афсуски, барчасига ўзимиз айбдормиз, ўзимиз… Инстаграмдаги видео остида 130 дан ортиқ изоҳлар қолдирилган бўлса, уларнинг атига 1-2 тасигина қоидабузарлик ҳақида эди. Қолганлар Асадхўжанинг бу ишини мақтаган, ва каби эмоджиларни қолдиришган. Ҳатто биттаси “Казёллар олға, 80 дан оширгани учун ГАИга ёзиб беринглар энди” дея изоҳ қолдирган (аслида шаҳар ичида 60 да юриш керак).

Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Қоидабузарликларни мақтаймиз, буни кўз-кўз қилганларни қўллаб-қувватлаймиз. Бунақа қоидабузарларни “крутой” деймиз, қоидага амал қиладиганларни “лох” деймиз. Қоидабузарларга қарши курашганларни “казёл” деймиз.

Шу сабабли ҳар куни кўчаларимизда 10 га яқин инсонлар автоҳалокатдан вафот этаверади. Кимлардир отасидан, кимлардир онасидан, кимлардир фарзандидан айрилиб қолаверади. Минг афсус…

Қоидабузарлигини интернетга мақтаниб жойлайдиганларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилиш ҳақидаги қонун қачон қабул қилинади? Жарима баллари тўғрисидаги қонунни қачон охирига етишади? Ўзи умуман қачон тартибга солинадиган бунақа ҳолатлар? Қачон қатъий жавобгарлик белгиланган даврларга келамиз? Нега ухлаяпмиз? Пулини тўлаб, истаганини қилса бўладиган қонунлар шармандалик эмасми?