Тошкентда МДҲнинг II халқаро статистика форуми бошланди

Форум жорий йилнинг 2–4 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “InterContinental Trilliant” меҳмонхонасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Форумда 150 дан зиёд қатнашчилар, жумладан, МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси раҳбарияти, МДҲ Ижроия қўмитасининг вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Статистика бўлими директори, БМТ ЕИК Статистика бўлими директори ҳамда 20 га яқин хорижий давлатлар статистика идораларининг биринчи раҳбарлари ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этмоқда.

Форумнинг асосий мақсади – статистика соҳасида рақамли технологияларни кенг қўллаш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш, рақамли трансформация шароитида статистик жараёнларни модернизация қилиш, расмий статистикани шакллантириш учун муқобил маълумотлар манбалари, шу жумладан, катта ҳажмли маълумотлар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.