Рақобат қўмитаси Shaffof sement sanoat’га нисбатан чора кўрди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Shaffof sement sanoat» МЧЖ қўшма корхонасига нисбатан манипуляция ҳаракатларини содир этгани учун таъсир чораси қўлланганини маълум қилди.

Қўмитанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторнингда Shaffof sement sanoat томонидан 2023 йил январь-декабрь ва 2024 йил январь-июль ойларида 298 та ҳолатда 20 минг 645 тонна цемент биржа савдоларига қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилгани аниқланган.

Шунингдек, маҳсулот сотилган кунлардаги нархлар 2023−2024 йиллар давомида биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланган. 298 та ҳолатда маҳсулот нархларини юқори қўллаш натижасида жами 669 млн сўмга яқин миқдорда тафовут (фарқ) ҳолати аниқланган.

Қўмитанинг қайд этишича, Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, «Юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш» ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади.

Юқоридагиларга мувофиқ, Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан Shaffof sement sanoat қўшма корхонасига нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилган.