Россиянинг RuTube ва “VK Видео” платформалари Американинг YouTube видеохостингидан контентни кўчиришда трафик блокировкасига дуч келди, деб ёзади “Коммерсант” нашри IT-компанияларидаги манбаларга ва медиахолдинглардан бирининг топ-менежерига таяниб.
“Одатда бан 12 соат ичида пайдо бўлади”, – дейди RuTube вакили. Унинг сўзларига кўра, шу сабабли платформа видеоларни юклаб олиш учун хорижий VPN-лардан фойдаланишга мажбур, бироқ YouTube ҳатто чет эл IP-манзилларидан келган трафикни блокировка қилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, RuTube муаммони ҳал қилиш устида ишлаяпти, бироқ контентни узатиш одатдагидан кўпроқ вақт олиши мумкин.
RuTube бу функцияни август ойида ишга туширди. Одатда, видео узатиш жараёни бир неча соат, лекин баъзи ҳолларда бу икки кундан беш кунгача давом этарди. “VK Видео” бундай хизматни 2023 йилдан бери ишлатиб келади. Улар трафик муаммолари ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. YouTube сервисига эгалик қилувчи Google журналистларнинг сўровларига жавоб бермади.
YouTube сўнгги пайтларда шубҳали фаолиятни блокировка қиляпти, дейди нашр манбаси. Унинг сўзларига кўра, “агар видео ёмон обрўга эга бўлган ва Google аккаунти бўлмаган IP-манзилдан кўрилган ёки юклаб олинган бўлса, видеохостинг тизимга кириш зарурлиги ҳақидаги хабар билан жавоб беради” ва агар платформа ахборотни автоматлаштирилган ҳолда тўплаш учун фойдаланяпти деб ҳисобласа, унда видеога кириш блокировка қилинади.