Марказий банк сентябрь ойида ўтказган сўровга кўра, ўзбекистонликлар ва тадбиркорлик субъектлари орасида инфляцион кутилмалар кучайган.
Респондентлар келгуси 12 ой ичида нархлар ўсишини асосан валюта курси ўзгариши билан боғлашмоқда. Ҳар иккинчи респондент нархлар ошишининг асосий омили деб айни шу ҳолатни кўрсатган.
Инфляция кутилмалари аҳолининг иқтисодий келажакка бўлган ишончини аниқлайди. Агар кутилмалар ошса, бу жамиятда нархлар барқарорлигига бўлган ишонч пасайиб, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг иқтисодий фаолиятига таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда инфляцион кутилмалар кўтарилиши товар ва хизматлар нархининг янада ошишига олиб келиши мумкин.
Сўров натижаларидан маълум бўлишича, аҳоли ўртасида инфляцион кутилмалар 13,1% (+0,2%), тадбиркорлар орасида эса 12,6% (+0,1%) даражасида баҳоланган.
Тошкент шаҳридаги респондентлар энг юқори кутилмаларга эга: аҳоли ўртасида инфляцияни 15,2%, тадбиркорлар эса 13,3% даражасида кутмоқда.
Валюта курси ўзгариши инфляция кутилмаларига таъсир кўрсатувчи асосий омил деб топилди. Сентябрь ойида респондентларнинг 50% ушбу омилни танлаган (августда бу кўрсаткич 42% эди).
Ёқилғи-энергетика ресурслари нархининг ошиши ҳам нархлар ўсишига салмоқли таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди. Сўровда қатнашганларнинг 47% ёқилғи нархларининг ошишини инфляциянинг муҳим омили деб таъкидлаган. Шунингдек, коммунал хизматлар нархи ва иш ҳақи ҳам нархлар ошишига таъсир этувчи асосий омиллар сифатида кўрсатилган.
Инфляцион кутилмалар — аҳоли ва тадбиркорларнинг келгусидаги инфляция даражаси бўйича тахминлари. Бу кутилмалар ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг келгусидаги молиявий режаларини белгилашда муҳим роль ўйнайди.