Қозоғистон фуқароларга телефон рақамларини фақатгина ҳукумат портали орқали беришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Zakon.kz.
Мамлакатнинг рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирининг ўринбосари Асхат Оразбекнинг айтишича, бу чора телефон фирибгарлигига қарши курашиш учун қўлланилади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон рақамли ривожланиш вазирлиги яқин келажакда тегишли қонунчилик ташаббусини тақдим этади.
«Ҳозирда алоқа операторлари фойдаланувчиларга рақамлар ва сим-карталар беришади. Биз рақам режасини давлатга қайтарамиз ва фуқаролар мобил ёки шаҳар рақамини электрон ҳукумат портали ёки eGov mobile мобил иловаси орқали олишади»,— деди вице-министр чоршанба куни Қозоғистон Мажлиси йиғилишида.
«Шунингдек, биз бир шахсга бир нечта сим-карталарни беришни чеклаймиз. Ҳозирда юридик шахслар назоратсиз сим-карталарни тижорат мақсадларида олишмоқда, энди улар ҳар бир рақамнинг қўлланилишига асос келтиришлари керак бўлади», дея қўшимча қилди у.