Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди ва ЕОИИда кузатувчи давлат сифатида қолади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Тошкентдаги “Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги”нинг очилишида маълум қилган.
Ўзбекистон бошқа давлатлар билан яқин ҳамкорлик эвазига ўз суверенитетини чеклашга рози бўладими, деган саволга Саидов салбий жавоб берди.
“Конституциянинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат экани қайд этилган. Агар гап ҳарбийлаштирилган мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига қўшилиш ҳақида бораётган бўлса, унда йўқ, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз ҳеч қачон йигитларимизни ҳарбий миссияларни, шу жумладан тинчликпарварлик миссияларини бажариш учун [чет элга] юбормаймиз. Ҳудудимизда ҳеч қандай чет эл ҳарбий базалари бўлмайди”, — деди вице-спикер.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига интеграцияга келсак, Ўзбекистон учун ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми кўпроқ тўғри келади, деди Саидов.
Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш имкониятларини ўрганиш бўйича парламент комиссияси раҳбариман. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқдик ва бугун шундай хулосага келдикки, Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор. Мисол учун, қозоғистонлик ҳамкасблар — уларнинг мамлакати ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда олган. Албатта, мен бу маълумотга кафиллик беролмайман. Ўзбекистон ташқи сиёсаитнинг асосий тамойиллари мавжуд, улар Конституциянинг янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилган ва биз уларга амал қиламиз», — деб тушунтирди Саидов.